Иқтисодий судларда ишларни соддалаштирилган тартибда кўриш чиндан ҳам соддами?

Маълумки, Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини сезиларли равишда яхшилаш борасида берилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш юзасидан қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган эди.

Хусусан, “Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2019 йил 20 мартдаги ЎРҚ-531-сон Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси “Соддалаштирилган тартибда иш юритиш” деб номланувчи 231-боб билан тўлдирилган эди.

Кодексга киритилган ушбу бобда соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиладиган ишларни аниқлаш мезонлари, уни кўриб чиқиш тартиби, муддати ва ўзига хос жиҳатлари, ушбу тартибда кўриб чиқиш мумкин бўлмаган ишлар тоифаси белгиланди.

Жумладан, агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан – базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса – беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозимлиги назарда тутилди.

Даъво суммаси кам бўлган низоларни соддалаштирилган тартибда ҳал қилиш бир қатор МДҲ давлатлари (Россия Федерацияси, Украина, Қозоғистон ва бошқалар) қонунчилигида ҳам мавжуд.

Иқтисодий суд ишларини юритиш тизимига соддалаштирилган тартибни киритиш даъво суммаси кам бўлган низолар бўйича ишларни тезкорлик билан кўриб чиқиш ва суд ҳужжати ижросини тезкор таъминлаш имконини берди, бундай ишларнинг кўриб чиқиш жараёни соддалаштирилди, бу эса ўз навбатида Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг кўрсаткичларини янада кўтаришга хизмат қилди.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, иқтисодий судлар томонидан соддалаштирилган тартибда кўриладиган ишлар сони йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Агар 2021 йилда соддалаштирилган тартибда 9 120 та иш кўрилган бўлса, 2022 йилда 12 697 та, 2023 йилда эса 15 992 та иш айнан шундай тартибда кўрилган.

Соддалаштирилган тартибда кўрилаётган ишлар сонининг ўсиши асосан олди-сотди, маҳсулот етказиб бериш, контрактация, ижара, суғурта ва қарз шартномаларидан келиб чиқадиган низоларда кузатилмоқда.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибининг афзалликлари ҳақида айрим маълумотларни келтириб ўтиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Аксарият ҳолларда даъво суммаси кам бўлган ишлар қоида тариқасида бир ёки иккита суд мажлисида кўриб ҳал қилинади, лекин судьялар узоқ вақт сарфланадиган барча процессуал тартибларга амалга қилишга мажбур эдилар.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги иш тезкорлик билан ва қисқа муддатда, яъни даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатда судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади, ишни кўриб чиқиш муддати узайтирилишига йўл қўйилмайди.

Шунингдек, суд соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади, яъни тарафлар қимматли вақтларини сарфлаб судга келиб ўтирмайдилар.

Яна бир муҳим ва тадбиркорлик субъектларига қулай томони соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори, ўн кун ўтгач қонуний кучга киради, бу эса суд ҳужжати ижросини тезкор таъминлаш имконини беради.

Иқтисодий процессул қонунчиликда соддалаштирилган тартибда ишларни кўришни янада такомиллаштирилиши одил судлов фаолиятининг сифат ва самарадорлигини оширишга, судда ишларни кўришда тезкорликка ва процессуал муддатларнинг тежалишига хизмат қилади, шу билан бирга  фуқароларимиз ва тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш, уларни узоқ муддат давомида суд идораларидаги сарсонгарчилигини олдини олиш, низоларни қисқа муддатда ўз ечимини топишга эришиш замин яратади.

              Сарвар Солиев

Зангиота туманлараро

 иқтисодий судининг раиси

Барча ислоҳотлар инсон қадри ва манфаатига хизмат қилади

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга риоя қилишни таъминлаш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Давлатимиз томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масаласи халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришга қаратилган кенг кўламли демократик ислоҳотларнинг бош мезонидир.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ишончли таъминлаш демократик янгиланишларнинг устувор йуналишларидан ҳисобланади. Бу жараёнда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, суд-ҳуқуқ идоралари, шунингдек, мансабдор шахслар – давлат амалдорлари фаолияти устидан парламент назоратини кучайтириш орқали инсон ҳуқуқларининг таъминланишига эришиш мумкин.

Ҳар қандай ҳуқуқий давлатда қонун ижодкорлиги фаолияти инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини кафолатловчи энг муҳим қоидаларга асосланади. Ушбу талаб миллий қонунчиликни инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва принципларига мувофиқлаштирилиш орқали таъминланади.

“Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат деган ғояни Конституция ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз керак. Ҳозирги кундаги жиддий синовлар ва башорат қилиб бўлмайдиган хавф-хатарларни енгиб ўтишга қодир бўлган миллий давлатчилигимиз асосларини мустаҳкамлашимиз зарур.”

“Инсон қадри учун” ғоясидан келиб чиқадиган, ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “Инсон-жамият-давлат” ёндашувини Конституциямиз мазмун – моҳиятига чуқур сингдирсак, у ҳаётимизнинг бош қадриятига айланади. Бу демакки, амалга ошираётган барча ислоҳотларимиз марказида инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу ғоя мужассам бўлмоғи лозим.

Шунинг учун ҳам, бугунги кунда жаҳон миқёсида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, ушбу тушунчалар билан боғлиқ рейтинг ва стандартларга биринчи даражали аҳамият берилмоқда.

Инсон-давлат ва жамият учун мақсадга эришиш воситаси эмас, аксинча, ана шу мақсаднинг бош мазмуни ва манбаи ҳамда энг олий қадрият бўлиши лозим. Биз барпо этаётган Янги Ўзбекистон учун инсон қадри ва ҳалқ манфаати ҳамма нарсадан устундир.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Инсон қадри учун» деган тамойил барча ислоҳотларимизнинг асосини ташкил этмоқда. “Инсон – жамият – давлат” деган янги тизим асосида Ўзбекистон олдинга қараб интилмоқда.

Жумладан, инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси доирасида шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни таъминлаш борасида мақсадли чоралар амалга оширилмоқда.

Бу борада амалга оширилган ислоҳотларни таҳлил қилар эканмиз, энг аввало, шуни қайд этиш лозимки, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тизимли ҳамда босқичма-босқич имплементация қилинмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган 80 дан ортиқ инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги халқаро ҳужжатлар нормалари, шу жумладан БМТнинг 7 та асосий шартномалари ва 4 факультатив протоколлари қоидалари  миллий қонунчиликда ўз аксини топмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича асосий халқаро шартномаларга қўшилиш инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали миллий тизимини яратишга хизмат қилди. Хусусан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасини тартибга солишга қаратилган 12 та Конституцион қонунлар, 18 та кодекслар ва 700 дан ортиқ қонунлар қабул қилинди.

Янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон “ҳуқуқий давлат” деган тамойил ҳам қатъий қилиб белгиланиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасидаги нормалар 3 бараварга кўпайтирилди. Инсон шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги назарда тутилган. Хусусан, унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланди. Инсон ва давлат органлари ўртасидаги юзага келадиган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари қонуний мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланди. Ушбу қоидалар инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлайди, давлат идораларининг ўз вазифаларини инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга оширишда масъулиятини оширади ҳамда инсонга меъёридан ортиқ ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилишининг олдини олади. Шунингдек, Конституцияда инсоннинг шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилди. Жумладан, шахсни суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб туриш мумкин эмаслиги, одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш билан боғлиқ барча ҳаракатларга фақат суд қарори асосида йўл қўйилиши, айбланувчи ва судланувчиларнинг “сукут сақлаш” ҳуқуқи мустаҳкамланди. “Инсон қадри учун” тамойили Конституцияда, қонунларимизда ва давлат идоралари фаолиятида бош мезон бўлиши шартлиги белгилаб қўйилди.

Хулоса сифатида шуни таъкидлаш мумкинки, Ўзбекистоннинг демократик ўзгаришларга содиқлиги, юртимизда кечаётган улкан ўзгариш ва янгиланишлар даврида аввало инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бирламчи вазифа саналади. Соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсонлар ҳаётини, дунёқарашини ҳамда турмуш тарзини ўзгартирмоқда. Инсон қадри улуғланиб, «Давлат – инсон учун» деган эзгу ғоя ҳаётга жорий этилмоқда.

               Отабек Мирзаев

Оҳангарон туманлараро иқтисодий

суди судьяси

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА СУД ҲОКИМИЯТИНИНГ ЧИНАКАМ МУСТАҚИЛЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ БОСҚИЧИ – 2020-2024 ЙИЛЛАР

Суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида 2020 йил 24 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Ушбу Фармон билан судларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклига бир қатор ўзгартиришлар киритилди, судларнинг моддий-техник базасини такомиллаштириш, улар фаолиятига ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ҳамда суд аппарати ходимларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Олий суд судьяларининг одил судловни амалга оширишдан бошқа юкламаларини енгиллаштириш мақсадида бошқарув фаолиятини самарали йўлга қўйиш, соҳавий таркибий тузилмалар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, суд ходимлари кадрлар захирасини яратиш вазифалари юклатилган Аппарат раҳбари лавозими жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 декабрда “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида Судьялар мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланди.

2021 йил январь ойидан бошлаб вилоят даражасидаги фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича ва иқтисодий судлар ягона умумюрисдикция судларига бирлаштирилди.

“Ягона суд – ягона инстанция” тамойилидан келиб чиқиб, ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти тугатилди.

Суд тизими тузилиши, судьялар мақоми, ҳарбий судлар фаолияти, судьялар малака даражалари ва суд фаолияти билан боғлиқ бошқа масалалар 5 та қонун ҳужжати билан тартибга солиб келинаётган бўлиб, улар тўғридан-тўғри амал қилувчи ягона қонунда тизимлаштириш эҳтиёжидан келиб чиқиб, 2021 йил 7 июлда “Судлар тўғрисида” янги таҳрирдаги қонун қабул қилинди.

Қонунда туман, вилоят ва Олий суд судьясига қўйиладиган талаблар кучайтирилиб, судья, раис ва ўринбосарни тайинлаш (сайлаш), ваколат муддатини ҳисоблаш тартиби аниқлаштирилиб, туман суди судьяси учун юридик ихтисослик бўйича 7 йил (аввал 5 йил), вилоят суди судьяси учун 10 йил (аввал 7 йил), Олий суд судьяси учун эса 15 йил (аввал 10 йил) иш стажига эга бўлиши белгиланди.

Судларда ишларни кўриш тартибларини янада такомиллаштириш йўналишларида қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Суд жараёнида ишларнинг ошкора кўрилиши, тортишув тамойилини тўлиқ таъминлаш мақсадида жиноий-процессуал қонунчиликка 2021 йил февралдан дастлабки эшитув институти жорий этилди.

Бу институт суд муҳокамасига тайёргарлик кўриш билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинликлари тикланишига, уларнинг суд ва тергов органлари идораларида беҳуда вақт сарфлашига барҳам беришга, процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун давлат томонидан ажратилган маблағлар мақсадсиз йўналтирилишининг олдини олишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Фуқароларнинг судларга мурожаат қилиши учун қулайликлар яратиш мақсадида судлар фаолиятига замонавий технологиялар кенг жорий этила бошланди. Судьялар ўртасида ишларни автоматик равишда тақсимлаш, судларга масофадан туриб электрон мурожаат ва суд ҳужжатларини тарафларга электрон шаклда юбориш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш, суд мажлисларини аудио ва видеоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш каби замонавий ёндашувлар эвазига одил судлов самарадорлиги таъминланди.

Олий суднинг Интерактив хизматлар портали ишга туширилди. Ишонч телефони орқали мурожаат қилиш йўлга қўйилди.

2020 йил 3 сентябрда қабул қилинган “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор асосида судлар фаолиятини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш янада кучайтирилди.

2023 йил 16 январда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–11-сонли Фармонига мувофиқ 2023–2026 йилларда суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли Стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури тасдиқланди.

Фармон билан “Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштириш, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этиш, суд органларини фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи мустақил органга айлантириш энг муҳим вазифа этиб белгиланди.

Судларда ишларни кўриш билан боғлиқ вазиятни онлайн таҳлил қилиш, аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш ҳамда ишларни кўришда процессуал тартиб ва муддатларга риоя этилишининг мониторингини юритиш ва ҳудудлар кесимида тоифаларга ажратган ҳолда таҳлил қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, низоларни бартараф этишга қаратилган маълумотларни тайёрлаш каби долзарб вазифаларни ҳал этиш одил судлов сифатини ва самарадорлигини оширишга хизмат қилишини инобатга олиб, Фармонга мувофиқ Олий суд тузилмасида Ахборот-коммуникация мониторинги — Вазиятлар маркази ташкил этилди.

Шу санадаги “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–12-сонли Фармон билан Олий суднинг янги тузилмаси тасдиқланди.

Олий суд ташкил этилганидан буён ўзининг мақсад ва вазифалари акс этган эмблемасига эга эмас эди. Мазкур фармон билан тарихда биринчи марта Ўзбекистон Республикаси Олий судининг эмблемаси тасдиқланди.

Ислоҳотлар жараёнида суд амалиётининг чуқур таҳлили ва халқаро тамойиллардан келиб чиқиб амалдаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга эътибор қаратилди.

2024 йилгача амалда бўлган қонунчиликка кўра, апелляция тартибида кўрилмаган ишларни келгусида кассация инстанциясида кўриб бўлмаслиги фуқароларнинг ҳақли эътирозларини келтириб чиқарганлиги, узил-кесил қарор қабул қилишда суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини уч босқичли тизим воситасида текшириш имкониятларини бермаганлиги, ўрта бўғин – вилоят судларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш йўлга қўйилмаганлиги оқибатида қонунчиликни янада такомиллаштириш зарурияти юзага келди.

Ушбу муаммоларнинг қонуний ечимини яратиш мақсадида суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Мазкур ўзгартиришларга кўра, суд ҳукмлари, ажримлари, қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишнинг умумий шартлари тубдан такомиллаштирилиб, 2024 йил 1 январдан апелляция, кассация ва тафтиш инстанциялари жорий этилди.

Эндиликда вилоят судларига биринчи инстанция судининг қарорлари устидан апелляция, кассация ва тафтиш тартибида берилган шикоятларни кўриш ваколати берилди.

Апелляция, кассация ёки тафтиш тартибида кўриб чиқилган суд қарорлари устидан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция бўйича чиқарилган қарорлар юзасидан берилган шикоят (протест) апелляция ёки кассация инстанциясида кўрилганидан кейин ушбу инстанциялар қарорлари устидан қайта тафтиш тартибида Олий суд томонидан кўриб чиқилиши жорий этилди.

Буларнинг барчаси, шубҳасиз, суд қарорларини бекор қилиб, янгидан кўриш учун қуйи инстанция судларига қайтариш амалиётига чек қўяди ва фуқароларнинг ортиқча сарсонгарчиликлари олдини олади.

Бу ўзгаришлар билан Олий суд раиси ва Бош прокурорга тафтиш тартибида чиқарилган қарорлар устидан Олий суднинг Раёсатига тафтиш тартибида такроран кўриб чиқиш учун протест келтириш ҳуқуқи берилди.

Янги Ўзбекистон шароитида юз кўрсатаётган тарихий ислоҳотлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судлов самарадорлигини ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини беради.

У.Сайдамедов,

Ю.ф.ф.д. (PhD), доцент, судья

Юрт қўриганнинг юрти бузилмас

Нима учун Ватан сўзи она сўзи билан ёнма-ён ишлатилади? Чунки, Ватан ҳам онамиз сингари азиз, меҳрибон ва қадрлидир. Инсон дунёга келмасидан аввал она вужудида улғайса, дунёга келганидан кейин Она Ватанда униб ўсади. Кишининг туғилганда киндик қони тўкилган ер унинг Ватани ҳисобланади. Мана шу Ватанини асраб-ардоқлаш, химоя қилиш хар бир инсоннинг муқаддас бурчидир. Ахир, доноларимиз бекорга айтишмаган:

Туғилган ердан кўнгил узилмас,
Юрт қўриганнинг юрти бузилмас. 

Тошкент вилоят судида бўлиб ўтган навбатдаги маърифат соати 14 январ – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланди. Унда вилоят суди ходими Лазиза Абдухамитова шу мавзуда чиқиш қилди. Маърузачи тадбир иштирокчиларини байрам билан қутларкан, юртимизда Ватан ҳимоясидек улуғвор ишга ўзини бағишлаган ҳарбийларимиз катта ҳурмат ва эъзоз билан қадрланиб, ҳар йили “14 январ – Ватан ҳимоячилари куни” сифатида катта байрам ва шодиёна билан ўтказилишини қайд этди.

Бугунги кунда Aрмиямиз жаҳон ҳарбий қурилишининг энг илғор тажрибаларини ўзида мужассам этган бўлиб, айни пайтда миллий жанговар анъаналаримизни юксак садоқат билан давом эттирмоқда, шу билан бирга, минтақамизда рўй бериш эҳтимоли мавжуд бўлган ҳарбий ҳаракатлар ва жанговар амалиётлар ҳам ҳар томонлама эътиборга олинмоқда. Ҳарбий ўқув юртларимиздаги таълим тизими тубдан ўзгармоқда, уларда бўлғуси офицерларни тайёрлаш ва тарбиялаш ҳозирги замон талабларига мос келадиган, принципиал жиҳатдан мутлақо янги ўқув-техник ва маънавий-аҳлоқий асосда йўлга қўйилган. Сўнгги йилларда давлатимизда ҳарбий-сиёсий масалаларда ҳам тубдан ислоҳотлар амалга оширилиб, миллий армиямизнинг ҳар қандай таҳдидларга муносиб зарба берадиган жанговор қудрати йилдан йилга юксалмоқда. Бундан ташқари, ҳар бир ҳарбий хизматчининг билими, малакаси ҳамда руҳий тайёргарлиги оширилиб борилмоқда. Уларнинг оилаларига муносиб шароитлар яратиш мақсадида имтиёзли кредитлар асосида кўп қаватли уйлар, фарзандларини олий таълим муассасаларига давлат гранди асосида ўқишга қабул қилиш, ҳарбий шаҳарчаларни обод қилиш ҳамда замонавий инфратузилма барпо этиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тадбир якунида намойиш этилган Ватан ҳимоячиларини мадҳ этувчи видеоролик судьялар ва суд ходимларида  катта таассурот қолдирди.

Тошкент вилоят суди матбуот хизмати

Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув институтининг мазмун моҳияти ва бугунги кундаги ўрни.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, энг аввало, жиноий тажовузлардан ҳимоя қилишнинг ишончли кафолатларини таъминлашга, шунингдек, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймасликка қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосига қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик ва айбсизлик презумпцияси каби конституциявий принциплар пойдевор қилиб қўйилган.

Ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига дастлабки эшитув институти киритилди.

Дастлабки эшитув – суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолияти устидан бевосита тортишув принципи асосида амалга ошириладиган процессуал жараён бўлиб, суд муҳокамасига қўйилган масалалар ҳамда иш юзасидан тўпланган далиллар мажмуаси етарлиги ва мақбуллиги ўрганилади.

Жиноят процессида дастлабки эшитув институти тергов ва суриштирув органларининг хатти-ҳаракатлари қонунга мувофиқлиги юзасидан бевосита суд назорати ҳисобланади.

Дастлабки эшитув институти жорий этилиши суд ҳокимиятининг ваколатларини кенгайтиришга ҳамда тарафларнинг тортишувлик тамойилини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Дастлабки эшитув институтининг жорий этилиши судга келиб тушган жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида тарафларнинг дастлабки эшитувларда иштирок этишига олиб келди. Қонун қабул қилингунга қадар ушбу босқичда тарафлар иштироки чеклангани сабабли мазкур жараёнда ҳал этилиши лозим бўлган муҳим масалаларни (масалан, ишни тугатиш ёки тўхтатиш) судья якка тартибда ҳал этишга мажбур эди. Оқибатда, судья чекланган маълумотга эга бўлганлиги учун бундай масалалар ҳал этилмасдан қолган ва асосий босқич – умумий суд мажлисига барча иштирокчилар чақирилиб, фуқароларнинг сарсон бўлишига олиб келган. Ўзбекистон Республикаси ЖПКга дастлабки эшитув институтининг киритилиши билан бу каби муаммолар бартараф этилди.

Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув ЖПК 491-бобда назарда тутилган ўзига хос хусусиятлар инобатга олинган ҳолда, суд муҳокамасининг умумий қоидалари бўйича ўтказилади.

Тарафларнинг илтимосига кўра ёки суднинг ўз ташаббуси билан жиноят иши бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш, жиноят иши бўйича иш юритишни тугатиш, жиноят ишини айблов далолатномасини, айблов хулосасини ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги қарорни тасдиқлаган прокурорга юбориш, жиноят ишларини бирлаштириш, номақбул далилларни ишдан чиқариб ташлаш тўғрисида тарафлардан бирининг илтимоси мавжуд бўлса, ушбу далилларни чиқариб ташлаш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда дастлабки эшитув ўтказилади.

Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув ўтказиш тўғрисидаги судья ажрим чиқаради.

Дастлабки эшитув судья томонидан жиноят иши бўйича дастлабки эшитувни тайинлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган пайтдан эътиборан беш суткадан кечиктирмай бошланиши керак.

Дастлабки эшитувни ўтказиш давомийлиги дастлабки эшитув бошланган кундан эътиборан ўн суткадан ошмаслиги керак.

Дастлабки эшитув судья томонидан ёпиқ суд мажлисида якка тартибда, тарафлар иштирокида ўтказилади.

Суд мажлисида айбланувчи, унинг ҳимоячиси ва давлат айбловчиси иштирок этиши шарт.

Ўз вақтида хабардор қилинган жабрланувчининг ва унинг вакилининг, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгарнинг ҳамда улар вакилларининг суд мажлисига келмаганлиги дастлабки эшитувни ўтказиш учун монелик қилмайди.

Агар жиноят иши бўйича дастлабки эшитувни ўтказиш чоғида айбланувчининг яширинганлиги аниқланса, судья ушбу айбланувчига нисбатан иш юритишни тўхтатиб туриш ва унга нисбатан қидирув эълон қилиш тўғрисида ажрим чиқаради.

Айбланувчининг суд мажлисида иштирок этишини истисно этадиган оғир ва давомли касалликка чалинганлиги суд-тиббий экспертиза хулосаси билан тасдиқланган тақдирда, судья ишни юритишни айбланувчи соғайгунига қадар тўхтатиб туриш тўғрисида ажрим чиқаради.

Қидирув эълон қилиниб, юритиш тўхтатилган жиноят иши айблов далолатномасини ёки айблов хулосасини тасдиқлаган прокурорга айбланувчини қидириш чораларини кўриш учун ўтказилади.

Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси, 84-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлганда суд жиноят ишини тугатади.

Айбланувчи, ҳимоячи ва давлат айбловчиси жиноят иши материалларидаги ҳар қандай далилни, агар уларни номақбул далиллар деб ҳисобласа, чиқариб ташлаш тўғрисида илтимоснома беришга ҳақли.

Илтимоснома жиноят иши судга айблов далолатномаси ёки айблов хулосаси билан бирга юборилганидан кейин, айблов далолатномасининг ёки айблов хулосасининг кўчирма нусхаси олинган кундан эътиборан уч сутка ичида берилиши мумкин.

Илтимосноманинг кўчирма нусхаси айблов далолатномасини ёки айблов хулосасини тасдиқлаган прокурорга, шунингдек жабрланувчига илтимоснома судга тақдим этилган кунда юборилади.

Далиллар қонунга хилоф усуллар билан ёки жиноят процесси иштирокчиларини қонун билан кафолатланган ҳуқуқларидан маҳрум қилган ёки уларнинг ҳуқуқларини чеклаган ёхуд ушбу Кодекс талабларини бузган ҳолда олинганлигига асосланган ҳолда уларни чиқариб ташлаш тўғрисида ҳимоя тарафи томонидан берилган илтимосномани кўриб чиқиш чоғида ҳимоя тарафи тақдим этган важларни рад этиш прокурорнинг зиммасида бўлади. Қолган ҳолларда буни исботлаш вазифаси илтимоснома берган тарафнинг зиммасида бўлади.

Агар суд далилни чиқариб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилса, мазкур далил юридик кучини йўқотади ва у ҳукмга ёки бошқа суд қарорига асос бўлиши, шунингдек суд муҳокамаси жараёнида бу далилни текшириш ва ундан фойдаланиш мумкин эмас.

Ишни мазмунан кўриш давомида илгари номақбул деб топилган ва чиқариб ташланган далилни мақбул деб топиш масаласи тарафларнинг илтимосномасига асосан кўриб чиқилиши мумкин.

Судья жиноят ишининг суд томонидан кўриб чиқилишига доир тўсқинликларни бартараф этиш учун уни тарафларнинг илтимосномасига кўра ёки ўз ташаббуси билан айблов далолатномаси ёки айблов хулосаси ЖПКнинг талаблари бузилган ҳолда тузилган бўлса ва бу мазкур айблов далолатномаси ёки айблов хулосаси асосида суд томонидан ҳукм ёки бошқа қарор чиқариш имкониятини истисно этса, тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги қарор билан бирга судга юборилган жиноят иши бўйича айблов далолатномасини ёки айблов хулосасини тузиш зарурати бўлса, жиноят ишларини бирлаштириш учун ушбу Кодексда назарда тутилган асослар мавжуд бўлса, айбланувчи жиноят иши материаллари билан танишиш чоғида унга ушбу Кодекснинг 375 ва 38113-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқлар тушунтирилмаган бўлса, айблов далолатномасида ёки айблов хулосасида, жиноят ишини тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш учун судга юбориш тўғрисидаги қарорда баён этилган ҳақиқий ҳолатлар айбланувчининг, ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисида иш юритилаётган шахснинг хатти-ҳаракатларини оғирроқ жиноят, ижтимоий хавфли қилмиш сифатида малакалаш учун асослар мавжудлигидан далолат берса ёки бундай ҳолатлар мавжудлиги дастлабки эшитув жараёнида аниқланган бўлса.

Дастлабки эшитув вақтида ушбу ЖПК 392-моддасида назарда тутилган, жиноят иши келиб тушганидан кейин юзага келган асослар аниқланган тақдирда, судья ўз ташаббуси билан ёки тарафларнинг илтимосномасига кўра жиноят ишларини битта иш юритувга бирлаштириш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.

Ушбу институтнинг қабул қилиниши жиноят ишини умумий асосларда кўришга монелик қилаётган сабабларни тезкор бартараф этиш имкониятини берувчи қарорлар қабул қилиш жараёнида тарафларнинг тортишуви принципга сўзсиз риоя этилишига, суд муҳокамаси чоғида фақат мақбул далиллардан фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.

Тошкент вилоят суди                                                                                   Ж.Садинов

жиноят ишлари бўйича

судьяси                                                                                                          

Skip to content