Янгийўл туманида суд-ҳуқуқ масалаларига оид сайёр қабул ташкил этилди

Жойларда ўтаётган сайёр қабуллар фуқаролар мурожаатларини тинглаш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади. Бу жараёнда суд идоралари ҳам иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг сайёр қабуллар ўтказиш ҳақидаги топшириғига асосан Тошкент вилояти Янгийўл шаҳридаги А.Навоий номли истироҳат боғида Янгийўл шаҳри, Зангиота, Янгийўл, Чиноз ва Қуйичирчиқ туманларида истиқомат қилувчи фуқаролар билан сайёр қабул ўтказилди. Унда вилоят прокуратураси, ички ишлар бош бошқармаси, вилоят суди, Халқ қабулхонаси, департамент, адлия, солиқ, ҳамда вилоят мажбурий ижро ва божхона бошқармаси раҳбарлари иштирок этди. Сайёр қабулда аҳолининг мурожаатлари атрофлича ўрганиб чиқилди.

Хусусан, вилоят судлари раислари томонидан сайёр қабулда
жами 37 нафар фуқаро қабул қилинган бўлса, уларнинг 19 тасини фуқаролик, 11 тасини жиноят, 5 таси иқтисодий ва 2 тасини маъмурий ишлар бўйича судларга оид мурожаатлар ташкил этди.

Шундан 25 нафар фуқароларни оғзаки, 12 нафар фуқаронинг ёзма мурожаатлари қабул қилинди.

Жами 37 та мурожаатлардан 23 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 14 таси жойида ижобий ҳал этилди.

Шу билан бирга, жиноят ишлари бўйича судларда тақдимнома (илтимоснома)лар асосида жами 41 нафар маҳкум ўталмай қолган озодликни чеклаш ва ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

Фуқаролик ишлари бўйича судларда 5 нафар фуқаронинг фойдасига вояга етмаган фарзандларининг таъминоти учун алимент пули ундирилиши таъминланди.

Иқтисодий судларда  8 нафар тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари тикланиб, улар фойдасига жами 397.220.699 сўм қарздорлик ундирилиши белгиланди.

Сайёр қабул жараёнида мурожаатлари ижобий ҳал этилган 68 нафар фуқаро Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ташаккурнома билдиришди.

Вилоят судида жорий йилнинг биринчи чорак якунлари сарҳисоб қилинди

Тошкент вилоят судининг мажлислар залида вилоят суди раисининг ўринбосарлари, жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раислари ва вилоят маъмурий суди раиси ўринбосари иштирокида оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари учун брифинг бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2018 йил 13 июлдаги “ Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора – тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида суд раислари томонидан ҳар чоракда судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари иштирокида брифинглар ўтказиш вазифаси белгиланган. Мазкур Фармон талабларидан келиб чиқиб, ўтказилган брифингда жорий йилнинг биринчи чораги давомида одил судловни амалга ошириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида судлар томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Бунда вилоят суди тузилмасидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир судлов ҳайъатининг фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ва фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан ҳисобот даврида жами 10 минг 102 та фуқаролик ишлари кўриб тамомланган бўлиб, ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 820 тага ёки, 7,1 фоизга кўпайган.

Ёки бўлмаса жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан жорий йилнинг 1 чораги давомида биринчи инстанцияда жами 2 минг 410 нафар шахсга нисбатан 1минг 882 та жиноят иши кўриб тамомланган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кўрилган ишлар сони 10 тага ёки 0,5 фоизга ортган бўлса, шахслар сони эса 3,6 фоизга камайган.

Вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати биринчи инстанцияси ва вилоятнинг туманлараро иқтисодий судларига 2024 йилнинг бошига 1минг 295 таиш 2023 йилдан қолдиқ бўлиб ўтган ва ўтган уч ойи давомида 9 минг 749 тадаъво ариза (ариза)лар келиб тушган. Мазкур келиб тушган ишлардан 217 таси қайтарилган,23 тасини қабул қилиш рад этилган,24 таситегишлилик бўйича бошқа судга юборилган, 10минг 780 тасииш юритишга қабул қилинган.

Брифингда вилоят маъмурий суди раиси ўринбосари томонидан жорий йилнинг ўтган уч ойи мобайнида амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳам ахборот берилди.

Якунда оммавий ахборот воситалари ходимларини қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.

Сайёр қабул Бекобод шаҳридаги маҳаллада ўтказилди

Бекобод шаҳридаги “Обод турмуш” маҳалла фукаролар йиғинида Тошкент вилоят суди раиси ўринбосари, фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси О.Исмаилов ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Бекобод туманлараро суди раис ва масъуллари иштирокида аҳоли билан сайёр учрашув ўтказилди. Учрашувда ҳуқуқий низоларни бартараф этиш, жиноятчиликка қарши кураш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, оилавий зўравонлик, тазйиқ ўтказиш ҳолатларига чек қўйиш каби масалалар хусусида сўз борди. Унда сўз олганлар ишитрокчиларга бугунги кунда долзарб бўлган оилавий ҳуқуқий муносабатларга оид ишлар, яъни никоҳдан ажратиш, бола таъминоти учун алимент ундириш, алимент миқдорини камайтириш, боланинг яшаш жойи ёки бола билан кўришиш тартибини белгилаш, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш, оталикни белгилаш каби мавзуларда тушунтириш беришди.

Бу борада айрим таҳлилларга ҳам тўхталиб ўтилди. Хусусан, вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раисининг таъкидлашича, вилоятда 2023 йилда кўрилган ишлар бўйича жиноят содир этган шахсларнинг айримлари муқаддам судланган бўлса, айримлари ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланмаган.

Фуқаролик ишлари бўйича Бекобод туманлараро суди раиси Ғ.Воҳидовнинг таъкидлашича, 2023 йилда туманлараро суди томонидан жами 2 минг 727 та фуқаролик иши кўриб тамомланган, 2 минг 38 та ариза бўйича суд буйруқлари чиқарилган. Суд буйруқлари асосан алимент ундириш, солиқ, бошқа мажбурий тўловлар газ, сув, электр таъминоти ва қарздор томонидан тан олинган талаблар юзасидан қарздорликларни ундириш ҳақида чиқарилган.

Шунингдек, туманлараро судида кўриб тамомланган 2 минг 727 та фуқаролик ишининг 2 минг 361таси бўйича ҳал қилув қарорлари чиқарилиб, шундан 2минг 39 таси бўйича даъво талаблари каноатлантирилган, 322 таси бўйича даъво талабини каноатлантириш рад килиниб, 31 та фукаролик иши бўйича иш юритиш тугатилган.

Учрашув давомида суд раислари ва Бекобод шаҳар халқ кабулхонаси мудири томонидан фукароларни қийнаб келаётган муаммоли масалалари юзасидан индивидуал суҳбат ҳам ўтказилиб, уларни қийнаётган саволлар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Суд ходимлари учун семинар

Тошкент вилоят судининг мажлислар залида вилоят суди ҳамда туманлараро, туман (шаҳар) судлари суд аппарати ходимлари учун семинар машғулоти ташкил этилди.

Унда Олий суд Раёсатининг 2024 йил 29 февралдаги тегишли қарори билан тасдиқланган “Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида иш юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг мазмун-моҳияти, “Жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида иш юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг мазмун-моҳияти, “Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судларида иш юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг мазмун-моҳияти, “Туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларида иш юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг аҳамияти, шунингдек Олий суд Раёсатининг тегишли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар”нинг мазмуни ҳақида ходимларга зарур тушунтиришлар берилди.

Сўзга чиққан масъуллар иштирокчиларга ўз йўналишлари бўйича иш юритиш тартиблари, йўриқноманинг аҳамияти ҳақида уларни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоблар ҳам қайтаришди.

 Якунда раислик қилувчи томонидан семинар иштирокчиларига жорий йилнинг 1 апрель кунидан бошлаб суд девонхоналари ва архивида иш юритишни янги таҳрирда қабул қилинган йўриқномалар асосида ташкил этиш, иш фаолияти давомида одоб-ахлоқ қоидалари ҳамда меҳнат ва ижро интизомига қатъий риоя қилишлари лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

ЭЪЛОН (бўш иш ўрнига ишга қабул қилинади)

Вакант лавозим: Бухгалтерия бўлими бош мутахассиси

Ташкилот: Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаментининг Тошкент вилояти худудий бўлими

Ташкилот манзили: Тошкент ш. Яккасарой тумани, Ш.Руставели кўчаси 93 уй

Телефон: 71-202-08-45 (1009)

Эл. почта манзили: departament.oliy@sud.uz

Иш ҳақи: Штат жадвали бўйича

Қўшимча ҳақ: кўзда тутилган

Ставка: 0,5 ставка

Ҳужжатларни қабул қилиш: 20.03.2024 дан 01.04.2024 гача

Малакавий талаблар:

1) Ўзбекистон Республикаси фуқароси; 2) Молия-иқтисодиёт, бухгалтерия  йўналишларида олий маълумотга эга бўлиши; 3) Молия-иқтисодиёт, бухгалтерия  тизимида камида 2 йиллик иш стажига эга бўлиши, корхона ва ташкилотларнинг молия-иқтисод, бухгалтерия фаолиятини таҳлил қилиш соҳасида зарур билимларга эга бўлиши; 4) Компьютер Microsoft Office ва Excel дастурлари бўйича мукаммал билиш ва уни қўллаш кўникмасига эга бўлиши; 5) Давлат тилини мукаммал даражада билиши (хорижий тилларни яхши билиши устунлик беради); 6) Давлат органлари ва ташкилотлардан салбий сабабларга кўра ишдан бўшатилмаган бўлиши лозим. 

Лавозим мажбуриятлари:

Белгиланган лавозим йўриқномаси асосида мажбуриятларни бажариш.

Иш шароитлари:

Иш кунлари: Душанба-жума. Дам олиш кунлари: Шанба, Якшанба.                                                         Иш вақти 09:00-13:00

Қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

Номзоднинг маълумотномаси (объективка) ва яқин қариндошлари тўғрисида маълумотнома;

диплом (дипломга илова)нинг нусхаси, чет элда ўқиганлиги тўғрисида дипломга эса диплом тан олинганлиги ва нострификация қилинганлигини тасдиқловчи гувоҳнома;

номзоднинг паспорти ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатнинг нусхаси ёҳуд идентификацияловчи ID-картаси;

охирги иш жойи бўйича тасдиқланган қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасининг нусхаси ёки электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирма;

Солиқ тўловчининг идентификация рақами;

Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами;

Жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси; 

Ҳарбий гувоҳномаси.

Илова қилинган ҳужжатлар электрон шаклда юборилиши ҳам мумкин.

Сайёр қабул Ангрен шаҳрида ўтказилди

Мамлакатимизда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш йўналишида комплекс чора тадбирлар ишлаб чиқилган. Хусусан, Тошкент вилоят суди раҳбарияти томонидан ҳам жиноятчилик сони ошган ва “қизил ҳудуд” тоифасига киритилган маҳаллаларда аҳоли билан очиқ мулоқотлар, сайёр учрашувлар ўтказиш орқали фуқаролар мурожаатларига ечим топишда янгича тизим асосида иш олиб борилмоқда.

Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида вилоят суди раиси Д.Таджибаев ва жиноят ишлари бўйича шаҳар суди судьялари иштирокида навбатдаги сайёр учрашув ўтказилди. Унда сўз олган вилоят суди раиси ёшлар таълим-тарбияси, улар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, келиб чиқаётган турли оилавий низоларнинг жамиятга салбий таъсири, шунингдек, ён-атрофдаги ҳодисаларга бефарқ бўлмаслик тинчлик–осойишталикнинг асоси эканини таъкидлаб ўтди. Маърузачи бунга мисол тарзида Ангрен шаҳрида содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг бугунги ҳолати, қайси турдаги ҳуқуқбузарликлар кўпроқ содир этилаётгани, уларнинг келиб чиқиш сабабларига ҳам тўхталиб ўтди.

Бундан ташқари учрашув давомида фуқароларга “Одам савдоси ва мажбурий меҳнат, оилавий зўравонликнинг салбий оқибатлари каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Шунингдек Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам тушунтириш ишлари олиб борилди.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасида таъсирчан усулларнинг аҳамияти катта. Шундан келиб чиқиб, учрашув давомида иштирокчиларга тарбиявий аҳамиятга эга қисқа метражли фильмлар намойиш этилгани уларни ўйга толдирган бўлса ажаб эмас.

Яна бир жиҳати, ўтказилган учрашув фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди. Боиси учрашув якунида масъуллар иштирокчилардан ўзларини қизиқтирган суд ҳуқуқ соҳасига оид кўплаб саволларга жавоблар олишди.

Тошкент вилоят суди матбуот хизмати

Сайёр суд ва давра суҳбати солиқ инспекцияси биносида бўлиб ўтди

Тошкент вилояти Қибрай тумани Давлат солиқ инспекцияси биносида Чирчиқ туманлараро иқтисодий суди раиси Бекзод Тўраев раислигида сайёр суд мажлиси ўтказилди. Унда даъвогар Тошкент вилояти Давлат солиқ бошқармасининг ҳудуддаги 30 та хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги иқтисодий ишлар ва даъвогар электр корхоналарининг 7 та жавобгар корхоналарга нисбатан фойдаланилган электр энергияси ҳақини ундириш тўғрисидаги жами 37 та даъво аризалари асосида қўзғатилган иқтисодий ишлар очиқ сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.

Эътиборли жиҳати, мазкур тадбир жараёнида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, кенг жамоатчиликка суд ҳуқуқ соҳасидаги  янгиликларни етказишда муҳим аҳамият касб этди. Боиси, суд мажлисидан сўнг хўжалик юритувчи субъектлар, электр тармоқлари корхонаси ва солиқ идоралари  вакиллари иштирокида раислик қилувчи томонидан давра суҳбати ўтказилиб, унда 2023 йил 25 декабрдаги Ўзбекистон Республикасининг “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 888-сонли қонуни Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 03 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунининг мазмун-моҳияти тушунтириб берилди.

Доим эъзоздасиз азиз аёллар!

Аёлни улуғлаш – оилани, Ватанни, ҳаётни улуғлаш демакдир. Обод турмушимизни ҳаётимизнинг файзу фариштаси бўлмиш муҳтарама аёлларимизнинг оила ва жамиятдаги фаол иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Барча жойларда бўлганидек, Тошкент вилоят судида ҳам 8-март Халқаро хотин-қизлар байрами кўтаринки кайфиятда нишонланди. Тадбирни вилоят суди раиси Дилшод Таджибаев кириш сўзи билан очиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг республика суд идораларида меҳнат қилаётган аёл судья ва ходимларга йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Дунё яралганидан буён аёл ҳаёт шамчироғи ва жамият гултожи бўлиб келган. Аёлини асраган эл қудратли, онасини эъзозлаган фарзанднинг толеи баланд бўлади. Тадбир давомида аёллар шаънига энг эзгу ва самимий тилаклар билдирилди. Хусусан, вилоят судининг жиноят ишлар бўйича суди судьяси, шунинг баробарида таниқли шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Холмамат Хасановнинг аёлларни мадҳ этиб ёзган шеъри иштирокчиларнинг олқишига сазовор бўлди.

Тадбирнинг мантиқий давоми эса вилоят судида фаолият юритаётган хотин-қизларни самимий қутлаш, уларга гул ва эсдалик совғалари тақдим қилишга уланиб кетди.

“Менинг маҳаллам – менинг судьям” ғояси асосида ўтказилди

Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманидаги “Чумчуқжар” МФЙ биносида “Менинг маҳаллам–менинг судьям” ғояси асосида фуқаролик ишлари бўйича Юқоричирчиқ туманлараро суди судьялари Д.Бабаева ва Ш.Астановлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг аҳамиятига тўхталиб ўтилди.

Маърузачилар таъкидлаганидек, мазкур Қарорга асосан “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари ҳал этиш мақсадида “Аёллар дафтари” жамғармаси (бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари шаклидаги) ташкил этилган бўлиб, бир неча ташкилотларга тизимли равишда аёллар муаммоларини ҳал этиш бўйича мақсадида вазифалар юклатилган.

Учрашувда шунингдек, иштирокчиларга судга мурожаат этиш тартиблари, тизимдаги ўзгаришлар, суд институтларининг такомиллашуви (ярашув, келишув битими, медиатив келишув тузиш), суд ишларини тафтиш тартибида кўриш институтининг жорий этилгани фуқароларнинг ўз ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида қонунларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Сайёр суд туман ИИБ биносида ўтказилди

Инсон ҳаётда хато килиши, билиб билмай жиноятга қўл уриши мумкин. Бироқ шу хатони қайта такрорламаслик муҳим аҳамиятига эга. Cуд томонидан тайинланган жазони ўташ давомида қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган, феьл атвори ўзгариб, қилмишининг оқибатини англаб етганларга имконият берилиши давлатимиз сиёсатининг устувор тамойиларидан бири саналади. Жойларда судларнинг сайёр тартибда ўтказилишида ҳам айни шу маъно-мазмун мужассам.

Куни кеча Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Ички ишлар бўлими биносида жиноят ишлари бўйича туман суди ва туман ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати пробация гуруҳи ходимлари билан ҳамкорликда қонунчиликдаги ўзгаришлар тарғиботига оид мулоқот ва унинг доирасида сайёр суд мажлиси ўтказилди.

Тадбир аввалидасудьялар томонидан қонунчилигимиздаги ўзгаришлар, хусусан, Конституциянинг фуқаролар ва жамият ҳаётида тутган ўрни ҳақида маълумотлар берилди. Бундан ташқари, “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш ҳамда ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳам сўз юритилди.

Шундан сўнг сайёр суд мажлиси ўтказилиб, пробация ҳисобида турган 32 нафар назоратдаги шахсларга нисбатан киритилган тақдимномалар суд томонидан мазмунан кўриб чиқилди. Унга кўра, 28 нафар шахс муқаддам содир этган жиноятларидан тегишли хулоса чиқариб, ўзларига нисбатан тайинланган жазони намунали хулқ билан ўтаб, тузалиш йўлига ўтганлиги сабабли уларнинг ўталмаган жазолари Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди.

Аксинча, жазони ўташ тартиб қоидаларига амал қилмаган ва уни ўташдан бўйин товлаган 1 нафар назоратдаги шахснинг жазоси оғирроғига алмаштирилди. Яна 3 нафар шахсга нисбатан киритилган тақдимномалар рад этилди.

Skip to content