Барча ислоҳотлар инсон қадри ва манфаатига хизмат қилади

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга риоя қилишни таъминлаш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Давлатимиз томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масаласи халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришга қаратилган кенг кўламли демократик ислоҳотларнинг бош мезонидир.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ишончли таъминлаш демократик янгиланишларнинг устувор йуналишларидан ҳисобланади. Бу жараёнда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, суд-ҳуқуқ идоралари, шунингдек, мансабдор шахслар – давлат амалдорлари фаолияти устидан парламент назоратини кучайтириш орқали инсон ҳуқуқларининг таъминланишига эришиш мумкин.

Ҳар қандай ҳуқуқий давлатда қонун ижодкорлиги фаолияти инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини кафолатловчи энг муҳим қоидаларга асосланади. Ушбу талаб миллий қонунчиликни инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва принципларига мувофиқлаштирилиш орқали таъминланади.

“Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат деган ғояни Конституция ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз керак. Ҳозирги кундаги жиддий синовлар ва башорат қилиб бўлмайдиган хавф-хатарларни енгиб ўтишга қодир бўлган миллий давлатчилигимиз асосларини мустаҳкамлашимиз зарур.”

“Инсон қадри учун” ғоясидан келиб чиқадиган, ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “Инсон-жамият-давлат” ёндашувини Конституциямиз мазмун – моҳиятига чуқур сингдирсак, у ҳаётимизнинг бош қадриятига айланади. Бу демакки, амалга ошираётган барча ислоҳотларимиз марказида инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу ғоя мужассам бўлмоғи лозим.

Шунинг учун ҳам, бугунги кунда жаҳон миқёсида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, ушбу тушунчалар билан боғлиқ рейтинг ва стандартларга биринчи даражали аҳамият берилмоқда.

Инсон-давлат ва жамият учун мақсадга эришиш воситаси эмас, аксинча, ана шу мақсаднинг бош мазмуни ва манбаи ҳамда энг олий қадрият бўлиши лозим. Биз барпо этаётган Янги Ўзбекистон учун инсон қадри ва ҳалқ манфаати ҳамма нарсадан устундир.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Инсон қадри учун» деган тамойил барча ислоҳотларимизнинг асосини ташкил этмоқда. “Инсон – жамият – давлат” деган янги тизим асосида Ўзбекистон олдинга қараб интилмоқда.

Жумладан, инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси доирасида шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни таъминлаш борасида мақсадли чоралар амалга оширилмоқда.

Бу борада амалга оширилган ислоҳотларни таҳлил қилар эканмиз, энг аввало, шуни қайд этиш лозимки, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тизимли ҳамда босқичма-босқич имплементация қилинмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган 80 дан ортиқ инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги халқаро ҳужжатлар нормалари, шу жумладан БМТнинг 7 та асосий шартномалари ва 4 факультатив протоколлари қоидалари  миллий қонунчиликда ўз аксини топмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича асосий халқаро шартномаларга қўшилиш инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали миллий тизимини яратишга хизмат қилди. Хусусан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасини тартибга солишга қаратилган 12 та Конституцион қонунлар, 18 та кодекслар ва 700 дан ортиқ қонунлар қабул қилинди.

Янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон “ҳуқуқий давлат” деган тамойил ҳам қатъий қилиб белгиланиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасидаги нормалар 3 бараварга кўпайтирилди. Инсон шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги назарда тутилган. Хусусан, унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланди. Инсон ва давлат органлари ўртасидаги юзага келадиган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари қонуний мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланди. Ушбу қоидалар инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлайди, давлат идораларининг ўз вазифаларини инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга оширишда масъулиятини оширади ҳамда инсонга меъёридан ортиқ ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилишининг олдини олади. Шунингдек, Конституцияда инсоннинг шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилди. Жумладан, шахсни суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб туриш мумкин эмаслиги, одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш билан боғлиқ барча ҳаракатларга фақат суд қарори асосида йўл қўйилиши, айбланувчи ва судланувчиларнинг “сукут сақлаш” ҳуқуқи мустаҳкамланди. “Инсон қадри учун” тамойили Конституцияда, қонунларимизда ва давлат идоралари фаолиятида бош мезон бўлиши шартлиги белгилаб қўйилди.

Хулоса сифатида шуни таъкидлаш мумкинки, Ўзбекистоннинг демократик ўзгаришларга содиқлиги, юртимизда кечаётган улкан ўзгариш ва янгиланишлар даврида аввало инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бирламчи вазифа саналади. Соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсонлар ҳаётини, дунёқарашини ҳамда турмуш тарзини ўзгартирмоқда. Инсон қадри улуғланиб, «Давлат – инсон учун» деган эзгу ғоя ҳаётга жорий этилмоқда.

               Отабек Мирзаев

Оҳангарон туманлараро иқтисодий

суди судьяси