Иқтисодий судларда ишларни соддалаштирилган тартибда кўриш чиндан ҳам соддами?

Маълумки, Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини сезиларли равишда яхшилаш борасида берилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш юзасидан қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган эди.

Хусусан, “Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2019 йил 20 мартдаги ЎРҚ-531-сон Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси “Соддалаштирилган тартибда иш юритиш” деб номланувчи 231-боб билан тўлдирилган эди.

Кодексга киритилган ушбу бобда соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиладиган ишларни аниқлаш мезонлари, уни кўриб чиқиш тартиби, муддати ва ўзига хос жиҳатлари, ушбу тартибда кўриб чиқиш мумкин бўлмаган ишлар тоифаси белгиланди.

Жумладан, агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан – базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса – беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозимлиги назарда тутилди.

Даъво суммаси кам бўлган низоларни соддалаштирилган тартибда ҳал қилиш бир қатор МДҲ давлатлари (Россия Федерацияси, Украина, Қозоғистон ва бошқалар) қонунчилигида ҳам мавжуд.

Иқтисодий суд ишларини юритиш тизимига соддалаштирилган тартибни киритиш даъво суммаси кам бўлган низолар бўйича ишларни тезкорлик билан кўриб чиқиш ва суд ҳужжати ижросини тезкор таъминлаш имконини берди, бундай ишларнинг кўриб чиқиш жараёни соддалаштирилди, бу эса ўз навбатида Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг кўрсаткичларини янада кўтаришга хизмат қилди.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, иқтисодий судлар томонидан соддалаштирилган тартибда кўриладиган ишлар сони йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Агар 2021 йилда соддалаштирилган тартибда 9 120 та иш кўрилган бўлса, 2022 йилда 12 697 та, 2023 йилда эса 15 992 та иш айнан шундай тартибда кўрилган.

Соддалаштирилган тартибда кўрилаётган ишлар сонининг ўсиши асосан олди-сотди, маҳсулот етказиб бериш, контрактация, ижара, суғурта ва қарз шартномаларидан келиб чиқадиган низоларда кузатилмоқда.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибининг афзалликлари ҳақида айрим маълумотларни келтириб ўтиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Аксарият ҳолларда даъво суммаси кам бўлган ишлар қоида тариқасида бир ёки иккита суд мажлисида кўриб ҳал қилинади, лекин судьялар узоқ вақт сарфланадиган барча процессуал тартибларга амалга қилишга мажбур эдилар.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги иш тезкорлик билан ва қисқа муддатда, яъни даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатда судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади, ишни кўриб чиқиш муддати узайтирилишига йўл қўйилмайди.

Шунингдек, суд соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади, яъни тарафлар қимматли вақтларини сарфлаб судга келиб ўтирмайдилар.

Яна бир муҳим ва тадбиркорлик субъектларига қулай томони соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори, ўн кун ўтгач қонуний кучга киради, бу эса суд ҳужжати ижросини тезкор таъминлаш имконини беради.

Иқтисодий процессул қонунчиликда соддалаштирилган тартибда ишларни кўришни янада такомиллаштирилиши одил судлов фаолиятининг сифат ва самарадорлигини оширишга, судда ишларни кўришда тезкорликка ва процессуал муддатларнинг тежалишига хизмат қилади, шу билан бирга  фуқароларимиз ва тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш, уларни узоқ муддат давомида суд идораларидаги сарсонгарчилигини олдини олиш, низоларни қисқа муддатда ўз ечимини топишга эришиш замин яратади.

              Сарвар Солиев

Зангиота туманлараро

 иқтисодий судининг раиси