Сайёр қабул Бекобод шаҳридаги маҳаллада ўтказилди

Бекобод шаҳридаги “Обод турмуш” маҳалла фукаролар йиғинида Тошкент вилоят суди раиси ўринбосари, фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси О.Исмаилов ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Бекобод туманлараро суди раис ва масъуллари иштирокида аҳоли билан сайёр учрашув ўтказилди. Учрашувда ҳуқуқий низоларни бартараф этиш, жиноятчиликка қарши кураш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, оилавий зўравонлик, тазйиқ ўтказиш ҳолатларига чек қўйиш каби масалалар хусусида сўз борди. Унда сўз олганлар ишитрокчиларга бугунги кунда долзарб бўлган оилавий ҳуқуқий муносабатларга оид ишлар, яъни никоҳдан ажратиш, бола таъминоти учун алимент ундириш, алимент миқдорини камайтириш, боланинг яшаш жойи ёки бола билан кўришиш тартибини белгилаш, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш, оталикни белгилаш каби мавзуларда тушунтириш беришди.

Бу борада айрим таҳлилларга ҳам тўхталиб ўтилди. Хусусан, вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раисининг таъкидлашича, вилоятда 2023 йилда кўрилган ишлар бўйича жиноят содир этган шахсларнинг айримлари муқаддам судланган бўлса, айримлари ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланмаган.

Фуқаролик ишлари бўйича Бекобод туманлараро суди раиси Ғ.Воҳидовнинг таъкидлашича, 2023 йилда туманлараро суди томонидан жами 2 минг 727 та фуқаролик иши кўриб тамомланган, 2 минг 38 та ариза бўйича суд буйруқлари чиқарилган. Суд буйруқлари асосан алимент ундириш, солиқ, бошқа мажбурий тўловлар газ, сув, электр таъминоти ва қарздор томонидан тан олинган талаблар юзасидан қарздорликларни ундириш ҳақида чиқарилган.

Шунингдек, туманлараро судида кўриб тамомланган 2 минг 727 та фуқаролик ишининг 2 минг 361таси бўйича ҳал қилув қарорлари чиқарилиб, шундан 2минг 39 таси бўйича даъво талаблари каноатлантирилган, 322 таси бўйича даъво талабини каноатлантириш рад килиниб, 31 та фукаролик иши бўйича иш юритиш тугатилган.

Учрашув давомида суд раислари ва Бекобод шаҳар халқ кабулхонаси мудири томонидан фукароларни қийнаб келаётган муаммоли масалалари юзасидан индивидуал суҳбат ҳам ўтказилиб, уларни қийнаётган саволлар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.