ЕРГА ХИЁНАТ ЭЛГА ХИЁНАТ

Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ҳамда Нурафшон туманлараро иқтисодий суди томонидан 2026 йил ўтган давр мобайнида
6 807 иқтисодий ишлар мазмунан кўриб чиқилган бўлиб, ушбу иқтисодий ишларга нисбатан келиб тушган шикоятларнинг, апелляция инстанциясида 79 таси, кассация инстанциясида 29 таси ҳамда тафтиш инстнциясида 40 таси кўриб чиқилган.

Кўриб чиқилган иқтисодий ишларниннг асосий қисми ер муносабатларига боғлиқ иқтисодий низоларга тўғри келади. Бунга бир мисол келтирсак;

Даъвогар “Angren Erkin Iqtisodiy Zona Direksiyasi” ДУК судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “PRODUCTION ALUMINUM” МЧЖ билан 2022 йил
25 февралда тузилган “Ер учаскасини узоқ муддатли ижарага олиш тўғрисида”ги ЕИ-3-сонли шартномасини бекор қилишни сўраган.

 Оҳангарон туманлараро иқтисодий судининг 4-1107-2502/9920-сонли иқтисодий иш бўйича 2025 йил 29 августда қабул қилинган ҳал қилув қарорига асосан, даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилиб, “ANGREN ERKIN IQTISODIY ZONA DIREKTSIYASI” ДУК ва “PRODUCTION ALUMINUM” МЧЖ ўртасидаги 2022 йил
25 февраль куни тузилган “Ер учаскасини узоқ муддатли ижарага олиш тўғрисида”ги ЕИ-3-сонли шартномаси бекор қилиниб, “Production Aluminum” МЧЖ ҳисобидан даъвогар “Angren Erkin Iqtisodiy Zona Direksiyasi” ДУКга фойдасига 4 120 000 сўм давлат божи ҳамда 41 200 сўм почта ҳаражатлари ундирилган.

Мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлиб, жавобгар “PRODUCTION ALUMINUM” МЧЖ кассация шикояти билан мурожаат қилган ва унда Оҳангарон туманлараро иқтисодий судининг 4-1107-2502/9920-сонли иқтисодий иш бўйича
2025 йил 29 августда қабул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъво аризасини тўлиқ қаноатлантиришни рад қилиш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўраган.

Кассация шикоятини кўриб чиқишда судлов ҳайъати, прокурор ва тараф вакилларининг тушунтиришини тинглаб, шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, Ўзбекистон Республикаси Президент
2012 йил 13 апрелдаги “Ангрен эркин иқтисодий зонасини барпо этиш тўғрисида”ги ПФ-4436-сонли фармонига асосан “Ангрен эркин иқтисодий зонаси таркибига киритилган ер майдонлари Тошкент вилояти ҳокимлигининг бевосита тасарруфида бўлиши белгилаб қўйилган.

Тошкент вилояти ЭИЗ ва КСЗ Маъмурий Кенгашининг 2021 йил
07 декабрдаги 102-сонли йиғилиш баённомасига (07.12.2023 йил рўйхат рақами 1/НШ-4-5724) асосан “Production Aluminum” МЧЖга қиймати 10 млн АҚШ долларлик “Алюминий профиллар ишлаб чиқариш” инвестицион лойиҳаси “Ангрен” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида амалга оширилиши маъқулланган. 2021 йил 21 февраль куни жамият инвесторлари ва “Ангрен” ЭИЗ Дирекцияси ўртасида “Ангрен” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида инвестициялашни амалга ошириш тўғрисидаги 146-сонли битим имзоланган.

Шунингдек, 2023 йил 1 май санасида, 2021 йил 21 февралдаги 146-сонли “Ангрен” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида инвестициялашни амалга ошириш тўғрисидаги битимга 1-сонли қўшимча келишув имзоланган.

Жавобгар, Инвестициялашни амалга ошириш тўғрисидаги 146-сонли битимга 01.05.2023й. 1-сонли қўшимча келишув асосида киритилган ўзгартиришнинг
7.1.1-бандига асосан Маъмурий кенгаш томонидан тасдиқланган Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тармоқ жадвалига мувофиқ, 10 млн. АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги инвестицияни 2024 йилнинг 2-чораги якунига қадар тўлиқ киритиши, 7.1.2-бандига асосан Инвестиция объекти қурилишини тугатишни таъминлаши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.12.2018 йилдаги ПФ-5600-сонли Фармони талаблари асосида https://e-auksion.uz/ электрон платформасида ўтказилган электрон онлайн-аукционда “Production Aluminum” МЧЖ “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази” давлат унитар корхонасининг Электрон онлайн-аукцион натижалари тўғрисидаги 10.01.2022Й., ZU 221-065932-сонли баённомасига асосан аукцион ғолиби деб топилгани боис, “Ангрен” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси ҳамда “Production Aluminum” МЧЖ ўртасида 2022 йил 25 февралдаги икки томонлама имзоланган “Ер участкасини узок муддатли ижарага олиш тўғрисида”ги ЕИ-З-сонли ижара шартномаси тузилиб, қиймати 10 млн. АҚШ долларлик “Алюминий профиллар ишлаб чиқариш” инвестицион лойиҳасини амалга ошириши учун жавобгарга 6,0 га ер участкаси узоқ муддатга ижарага берилган.

“Ангрен” эркин иқтисодий зонаси иштирокчисининг инвестиция битими бўйича мажбуриятларни бажармаганлиги ҳолати юзасидан 2023 йил 25 декабрдаги 002-сонли ҳамда 23 июнь 2025 йилдаги Д-26/25-сонли далолатномалардан кўринишича жавобгар “Production Aluminum” МЧЖ тарафлар ўртасида 2021 йил 21 февраль куни жамият инвесторлари ва “Ангрен” ЭИЗ Дирекцияси ўртасида “Ангрен” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида инвестициялашни амалга ошириш тўғрисидаги 146-сонли битим ҳамда 2022 йил 25 февралдаги “Ер участкасини узок муддатли ижарага олиш тўғрисида”ги ЕИ-З-сонли ижара шартномаси талаблари ва мажбуриятларини бажармасдан тармоқ жадвалига риоя қилмаган ҳолда инвестиция киритмаганлиги аниқланган.

Даъвогар томонидан жавобгарга инвестиция битимида ва ижара шартномасида белгиланган инвестициявий мажбуриятларни бажариш ҳақида бир неча бор ёзма равишда талабномалар юборилган бўлса-да, талабномалар оқибатсиз қолдирилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 384-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ бир тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёинки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса — ўттиз кунлик муддатда жавоб олмаганидан кейин, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги талабни судга тақдим этиши мумкин.

Юқоридагиларга кўра, биринчи инстанция суди жавобгар томонидан ижара шартномасида ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажармаганлиги яъни тарафлар ўртасидаги битимда белгиланган муддат ва миқдорда инвестиция киритмаганлиги янги иш ўринлари яратмаганлиги, белгиланган имтиёзлардан унумли фойдаланмаганлиги, ер қадрига етмаганлик ҳолатларини инобатга олиб, даъво талабини қаноатлантириш, яъни тарафлар ўртасида 2022 йил 25 февралда тузилган ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш тўғрисидаги тегишли шартномасини бекор қилишни лозим топиб, тўғри ва асосли хулосага келган деб ҳисоблаб, Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2026 йил 17 февралдаги қарорига асосан биринчи инстанцияси судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, кассация шикояти қаноатлантирмасдан қолдирилган.

 

 

      Тошкент вилоят судининг

      иқтисодий ишлар бўйича                                                                                            М.Якубов

      судлов ҳайъати судьяси

Skip to content